“Ғишткўприк” чегара постидаги улкан қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий ниҳоясига етказиш мақсадида “Ғишткўприк” чегара божхона пости 5 февралдан эътиборан 4 ойга ёпилади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, постда вақтинчалик биноларни демонтаж қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, постга туташ ҳудудда зарур инфратузилмани ташкил этиш назарда тутилган.
“Ғишткўприк” чегара пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати 2025 йилнинг 5 февраль кунидан “Навоий” чегара божхона постига йўналтирилади.
Янгидан замонавий тарзда бунёд этилган “Навоий” чегара божхона пости ҳам Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган бўлиб, “Ғишткўприк” постига яқин ҳудуд ҳисобланади.
Жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида “Навоий” чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон билан чегарадаги “Довуд ота” постидан ҳаракатланиш 3 ойга тўхтатилганди.