Тошкент шаҳарда жойлашган 285-мактабда оммавий жанжал келиб чиққани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 30 январь куни соат тахминан 10:15 атрофида Янгиҳаёт туманидаги 285-сонли умумтаълим мактаби 11-"Д" синф ўқувчиси Ў.К. танаффус вақтида мактабнинг иккинчи қавати йўлагида турган вақтида 11-"Б" синф ўқувчиси Э.К. билан ўзаро тортишиб қолган. Натижада Ў.К. мактабдоши Э.К.ни юз қисмига бир маротаба урганлиги ва ўрталарида келиб чиққан жанжалга бошқа ўқувчилар қўшилиб кетганганлиги аниқланди.
Ушбу воқеадан хабар топган мактаб маъмурияти дарҳол мактабга ўрнатилган "ташвиш тугмаси"ни босишган. Қисқа вақтда Қўриқлаш хизмати тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимлари ва инспектор-психологи мактабга етиб келган ҳамда оммавий тартибсизликни тўхтатишган.
Мактабга бириктирилган инспектор-психолог, катта лейтенант Н.О. мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, жанжалда иштирок этган ўқувчиларни "Ёрқин ҳаёт" маҳалласида жойлашган профилактика инспектори хонасига олиб борган. У ерда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тушунтириш ишлари амалга оширилган.
Жанжалда иштирок этган шу мактабнинг 11-синф ўқувчиларидан А.Ж. ҳамда С.М.лар шифокорга мурожаат қилган. Ўқувчиларнинг аҳволи яхши, уларга уйига жавоб берилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.