Чоршанба куни кечқурун Вашингтон осмонида CRJ700 йўловчи самолёти ҳарбий вертолёт билан тўқнашиб кетди. Тўқнашув натижасида, самолёт Роналд Рейган Вашингтон халқаро аэропорти яқинидаги Потомак дарёсига қулаб тушган.
Федерал авиация маъмурияти (FAA) берган маълумотга кўра, PSA Airline йўловчи самолёти маҳаллий вақт билан тахминан 21:00 да қўнишга келаётган Sikorsky H-60 вертолёти билан тўқнашиб кетган. Самолёт Канзас штатининг Вичита шаҳридан Вашингтонга йўл олган American Airline рейсини амалга ошираётган бўлган.

Reuters агентлиги American Airlines’даги манбага таяниб, йўловчилар рўйхатида 60 киши бўлганини хабар қилди. Аэропорт, ўз навбатида, барча рейслар парвоз ва қўниш тўхтатилганини эълон қилди.
“Фавқулодда хизматлар аэропортдаги самолёт билан боғлиқ ҳодисага муносабат билдирмоқда”, — дейилади аэропорт Матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам самолёт ҳалокатига изоҳ берди.
“Мен Рейган миллий аэропортида рўй берган даҳшатли воқеа ҳақида тўлиқ маълумот олдим. Худо уларнинг руҳларини шод этсин. Фавқулодда вазиятлар хизматларимизнинг қаҳрамона хизмати учун раҳмат. Вазиятни кузатиб боряпман ва улар мавжуд бўлганда батафсил маълумот бераман", - дейди Оқ уй раҳбари ўз баёнотида
Миллий транспорт хавфсизлиги бошқармаси ҳодиса ҳақида қўшимча маълумотлар йиғилаётганини маълум қилди.
Яқин атрофдаги Кеннеди марказидаги кузатув камерасидан олинган видеода иккита порлаётган объект (тахминан ҳаво кемаси) ва улар яқинлашгандан сўнг ёрқин чақнашни кўриш мумкин, деб ёзади AP.
Веб-камера маълумотларига кўра, фалокат маҳаллий вақт билан 20:48 да содир бўлган. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.