Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бу мажмуа тарихда илгари бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Бугунги кунда муҳташам бино қад ростлаб, қурилиш якуний босқичга кирган. Ушбу марказ президентнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни давлатимиз раҳбари унинг пойдеворига тамал тоши қўйган эди.
Бағоят улуғвор марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.
"Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур", – деди Шавкат Мирзиёев.
Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган. Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Давлат раҳбари шу ерда Тошкентнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот билан ҳам танишди.
Бундай лойиҳалар кўп жойларда бошланган. Бектемир, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида 7/24 тартибида ишлайдиган ўнлаб сайёҳлик манзиллари ташкил этилган.
Тошкентнинг эски шаҳар ҳудуди ўзига хос тарихий аҳамиятга эга. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий сайёҳлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилмоқда. Жумладан, ўтган йили Чорсу бозори ёнидаги Гулбозор маҳалласида шундай кўча ташкил этилганди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам ободонлаштирилмоқда.
Энди буларга уйғун равишда гастрономик ва туризм кўчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 17 та кўча ва 32 та берк кўча танлаб олинган. Уларда Эски шаҳарнинг ўзига хос меъморий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча инфратузилмалар яратилади.
Бунинг натижасида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 250 тага кўпаяди, 1 минг 500 та иш ўрни очилади. Муҳими, кунлик сайёҳлар сони ҳозирги 4 мингтадан 11 мингтага кўпайиши кутилмоқда.
Мутасаддиларга тадбиркор ва ҳунармандлар учун қулайликларни кўпайтириш, саёҳатларни мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.









