2024 йилда Омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ. Бу ҳақда Омбудсман Матбуот хизмати UzNews.uz’га маъулмот берди.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.
Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини Click компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.
Ушбу мурожаатлар юзасидан Ички ишлар органлари терговчилари томонидан тижорат банкларига ушбу фуқаролар кредит маблағларидан ўзлари фойдаланмаганлиги ҳамда фуқаровий даъвогар деб топилганлиги, шунингдек, айбдор шахслар топилгунига қадар кредит қарздорлиги ҳамда унга фоизлар ҳисоблашни тўхтатиб туриш юзасидан топшириқлар юборилган.
Қайд этилишича, Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасида терговчининг ўз юритувидаги иш бўйича қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва қарорлари барча корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий экани белгиланган. Лекин, шунга қарамай банклар томонидан фирибгарлик натижасида алданган фуқаролардан кредитни тўлаш талаб қилиб келинмоқда.
Омбудсман томонидан ушбу йўналишдаги мурожаатлар бўйича фуқаролар манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та даъво аризалари киритилиб, банклар билан тузилган кредит шартномалари ҳақиқий эмас деб топилди. 1 нафар фуқаро номига олинган кредит маблағлари унинг фойдасига қайтарилиб, маънавий зарар ундирилишига эришилди.
Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва фирибгарлик ҳолатларидан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга риоя қилиш тавсия этилади;
— Паспорт маълумотлари, банк карталари рақами ва PIN-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилманг;
— Шахсий маълумотларингизни ижтимоий тармоқларда ёки номаълум шахсларга юборишдан сақланинг;
— Телефонга келган тасдиқлов кодлари, пароллар ёки банк иловаларига кириш маълумотларини ҳеч кимга айтманг;
— Ижтимоий тармоқлар ёки электрон почта орқали келган нотаниш файллар, ҳужжатлар ёки ҳаволаларни юклаб олманг. Улар вирус ёки зарарли дастур бўлиши мумкин;
— Нотаниш рақамлар, хусусан чет эл рақамларидан келган қўнғироқлар ва видеоқўнғироқларга жавоб берманг;
— Агар кимдир ўзини банк ходими ёки бошқа ташкилот вакили сифатида таништирса, уларнинг шахсини тасдиқлаш учун расмий каналлар орқали маълумот олинг.