Бугун, 24 январь куни Сенат томонидан маъқулланган қонунга кўра, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун бир йил ичида 12 жарима балли тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади. Агар гувоҳномадан маҳрум қилинган ҳайдовчи яна рулга ўтирса, жиноий жавобгарликка тортилади.
Илгари тўпланган жарима баллари учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишнинг минимал муддатлари қонун ҳужжатларида аниқ белгиланмаган эди. Натижада, судлар камида 15 кунлик ҳуқуқдан маҳрум қилишни назарда тутган Маъмурий Кодекс асосида жазо тайинлашлари мумкин эди. Бироқ йил давомида камида 12 марта йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчилар учун бундай муддат етарли эмаслиги эътироф этилган.
Янги қонунга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилишнинг энг кам муддати 6 ой, максимал муддати эса 3 йилни ташкил этади. Сенаторлар бундай чора-тадбирлар қонунбузарликлар сонини камайтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашга хизмат қилишига ишонч билдирмоқда.
Мажлисда сенатор Ҳусан Эрматов ҳайдовчиларга боғлиқ бўлмаган вазиятларда юзага келадиган қоидабузарликларнинг жарима балларига таъсири ҳақида сўради. Унинг айтишича, об-ҳавонинг ёмон шароитида (ёмғир, қор ёки туман) йўл чизиқлари кўринмайди, натижада йўл чизиқларини босиш гапи қоидабузарликлар содир этилиши мумкин.
"Бундай вазиятда ҳар қандай соғлом одам жаримадан кўра чуқурга тушиш қимматроқ тушишини жуда яхши тушунади. Савол шундайки, ана шундай ҳолатда ҳам жарима ёки жарима балларни қўллаш керак, деб ўйлашимиз қанчалик тўғри?", - дейди сенатор.
ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари полковник Эрали Бозоровнинг бу саволга жавоб беришича, бу масала бугунги кунда ҳам жуда кўп учраб турибди, мурожаатлар келиб тушяпти. Бундай мурожаатлар масъул ходимлар томонидан кўриб чиқилади. Агар ҳолатлар ўз тасдиғини топса, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси асосида кўриб чиқишдан тўхтатилади ва 321-модда асосида белгиланган тартибда қарор бекор қилинади.
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларига етарлича кўринмаслик тушунчаси киритилди. Унда ёмғир ёғиши, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш ҳолатлар инобатга олинди. Бундай ҳолатлар бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқишда ҳам бундай шароитлар албатта инобатга олинади.
Шунингдек, сенатор Анвар Тўйчиэв агар қоидабузарлик ишончнома асосида, масалан, автомобил эгасининг яқин қариндоши томонидан бошқарилаётган автомобилда қайд этилса, кимга жарима балли берилиши ҳақида савол берди.
“Қонунчиликда белгиланган, транспорт воситасини эгаси яқин қариндошлари, яъни акаси, опаси, турмуш ўртоғи, ота-онаси, опа-сингиллар, фарзандларига транспорт воситасини ишончномасиз бошқариш ҳуқуқини бериши мумкин. Бунда суғурта полисида ўша яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ киритилган бўлиши лозим. Энди битта нарса – транспорт воситасини эгаси ўзи қўшимча баллар жамланмаслигини олдини олиш мақсадида юқорида айтиб ўтилган йўллардан фойдаланса, маъмурий амалиёт марказларига мурожаат қилинса, биз программа яратганмиз. У ерда ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар – қарор чиқариш учун ўша вақтда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчига қаратилади", - дея жавлб қилди Эрали Бозоров.
Сенаторлар мазкур қонунни бир овоздан маъқуллашди.