Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 1999 йилда туғилган шахс фуқарога 3 минг АҚШ доллари эвазига 6644 дона 20 минг сўмлик купюрадаги жами 132 млн 880 минг сўмга тенг бўлган қалбаки пуллар, 2 дона алюминий сих, қалбаки пулларни ўрашга мўлжалланган қоғоз боғлагич ва елим халталарни сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ушбу тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ушбу қалбаки пулларни Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи бошқа бир шахсдан сотиб олганлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, Оҳангарон туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро 1993 йилда туғилган шахс билан жиноий тил бириктириб, кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олган. У ерда рангли чоп этиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда, 100минг сўмлик қалбаки купюраларни ишлаб чиқараётганлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида ушбу хонадондан 1 дона чоп этиш қурилмаси, 28 млн 300 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар, 400 минг сўм чоп этишда ишлатиладиган 100 минг сўмлик ҳақиқий пуллар, қоғоз пулларни қирқиш учун дастгоҳ, қалбаки пулларни боғлаш учун мўлжалланган қоғоз боғлагич ва елим халталар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 176-моддаси 2-қисми "б" ва "в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.