Эгамбердиев Абдужаббор Хусанович Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Андижон касаба уйишмалари кенгаши хабар қилди.
Абдужаббор Эгамбердиев Андижон вилояти ҳокимлигида ва 2021-2022 йилларда Андижон тумани ҳокими бўлиб ишлаган. Мазкур лавозимга тайинлангунига қадар Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
У 2022 йилнинг сентябрь ойида давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.
У 2023 йил 8 февралда Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 207-моддаси 1-қисми ва 229-4–моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми ва 61-моддаси тартибида 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилган.
Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2024 йил 18 январдаги ажрими билан Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.