5 январь куни Абу-Даби шаҳридаги "Қаср аш-Шати" қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.

Давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан сунъий интеллект, рақамлаштириш, "яшил" энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олдилар. Ҳар бир устувор соҳа бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишилди.

Томонлар 2025-2027 йилларни "Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври" деб эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватлади.
2030 йилга қадар, ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди.

Давлат раҳбари Муҳаммад бин Зоид номидаги университет билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича қўшма дастурни ишга туширишни таклиф этди.
Музокаралар давомида бўлажак олий даражадаги тадбирларга, шу жумладан жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.