Калифорния ўрмон хўжалиги ва ёнғин хавфсизлиги департаменти маълумотларига кўра, Лос-Анжелесдаги ёнғинлар майдони Лихтенштейн майдонидан ортиқ бўлган ҳудудни қамраб олган.
Маълум бўлишича, ёнғинлар 40 306 акр (163 квадрат километр) майдонни қамраб олган. Шу билан бирга, Лихтенштейннинг майдони 160 квадрат километрни ташкил қилади.

Лос-Анжелес округида ўн минглаб аҳоли учун мажбурий эвакуация буйруқлари жорий этилди. Округ ёнғин хизмати раҳбари аввалроқ ресурслар бир-иккита йирик ёнғинга қарши курашишга мўлжалланганини тан олганди. Кучли шамол туфайли авиация фаолияти вақтинча тўхтатилди ва Палисадес ҳудудидаги ёнғин гидрантлари ишламай қолди.
7 январь куни Лос-Анжелес округида бошланган ўрмон ёнғинлари штат тарихидаги энг йирик ёнғинлар сифатида тан олинган. Маълумотларга кўра, ёнғинларнинг умумий майдони 16 минг гектардан ошган. Камида 24 киши ҳалок бўлди, 12,3 мингдан ортиқ бинолар, шу жумладан машҳурларнинг уйлари вайрон бўлган. Метеорологларнинг таъкидлашича, қуруқ об-ҳаво ва шамол ёнғин тез тарқалишига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ёнғин натижасида АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер, АҚШ вице-президенти Камала Харрис, Парис Хилтон, Энтони Хопкинс, Адам Броди, Анна Ферис, Жефф Бриджесларнинг уйлари ёнғин остида қолгани ҳақида хабар берган эдик.
