Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонликлар кунига 10 минг қадам юргани учун яна рағбатлантирилади

Юришда юқори натижа кўрсатган фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланишда, шунингдек, банклардан кредит олишда чегирмалар берилади.

379views0replies
0

UzNews.uz

Ўзбекистонда кунига 10 минг қадам юрадиган фуқаролар яна рағбатлантирилади. Бу "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги президент Фармонида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Экология вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигига "Бир миллион яшил оила" умуммиллий ҳаракати доирасида бир кун ичида камида ўн минг қадам босиб ўтишни тарғиб қилишни назарда тутувчи платформани ишга тушириш топширилди. Платформа 2025 йил 1 июнгача ишга туширилиши керак.
Юқори кўрсаткичларга эришган шахсларга "экофаол фуқаро" мақоми берилади. Уларга давлат хизматларидан фойдаланишда, шунингдек, банклардан истеъмол кредити олишда (давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган) 10 фоиз миқдорида чегирмалар тақдим этилади.
Вояга етган барча аъзоларига "экофаол фуқаро" мақоми берилган оилаларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль берилади. Бундай оилаларга ҳам "яшил оила" мақоми берилади.
Аҳолисининг ярми "яшил оила" мақомига эга бўлган маҳаллаларда "Энг тоза маҳалла" ва "Энг яшил маҳалла" танловлари ўтказилади. Болалар майдончалари қуриш, яшил боғчалар ташкил этиш, чиқинди майдончалари қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш учун ғолиб маҳаллалар жамғармасига 500 миллион сўм йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойида президент фармони билан мамлакатда "Соғлом турмуш тарзи" платформаси (1hls.uz) яратилган эди. Фуқаролар бир кун давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам ташлагани учун электрон ҳамёнга 3000 сўм олган. 2022 йил май ойида бу амалиёт бекор қилинган эди.
379views0replies
0

Комментарии