2025 йилга мўлжалланган давлат дастурида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича вазифалар белгиланган.
Хусусан, АҚШ янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, олий даражадаги ташрифни ташкил этиш ва Тошкентда АҚШ билан кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича юқори даражадаги мулоқотнинг биринчи раундини ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар "C5+1" формати доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, вазирлар учрашувларини, тегишли ишчи гуруҳлар йиғилишларини ўтказиш ва Самарқандда форматнинг 10 йиллиги муносабати билан юбилей саммитини ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Лойиҳада парламент ҳамкорлигини кенгайтириш, хусусан, АҚШ Конгресси етакчи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш, Америка қитъаси мамлакатларидан салоҳиятли инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш ва улар иштирокида турли бизнес-форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали савдо-инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш назарда тутилган.
Шунингдек, АҚШ ҳукумати томонидан эълон қилинадиган инсон ҳуқуқлари бўйича турли ҳисоботларда Ўзбекистоннинг юқори рейтингини сақлаб қолиш учун хавфсизлик соҳасида АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш ва яқин ҳамкорликни давом эттириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда АҚШ билан алоқаларни кенгайтириш, жумладан, университетлар ҳамкорлиги, инглиз тилини ўқитиш, фан ва экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.