Самарқанд вилояти Булунғур туманида ўтказилган тезкор тадбирда “B.l.” хусусий корхонасига қарашли савдо дўконида корхона раҳбари А.Х. харидорга 2 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ушбу дўконда савдога қўйилган тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 895,1 млн сўмлик турли номдаги жами 33 864 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.