Ўзгидромет хабарига кўра, бугун кундузи Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистонда кечга томон баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси+ 5...+10 даражагача, баъзи жойларда +12...+14 даражагача, шимолда +3...+8 даражагача бўлади.
7 январда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво кириб келиши бошланади. Бухоро, Навоий вилоятларида ва куннинг иккинчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Қорақалпоғистонда айрим жойларда кечаси ва эрталаб ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.
8 январда кечаси ва эрталаб фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик сақланиб туради.
8 январда кундуз куни ва 9-10 январда Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республиканинг айрим жойларига кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.
8-10 декабрь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари +2...+5 даражадан -6...-3 даража совуққача пасаяди, кундуз кунлари +5...+8 даражадан -3...0 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, 7 январда баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда баъзида 20-23 м/с гача кучайиши мумкин. Республиканинг тоғли ҳудудларида 6-8 январь кунлари вақти-вақти билан қор ёғади, 7-8 январда баъзи жойларда кучли бўлади.
Пойтахтда 6-10 январь кунлари асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 7 январда кечқурун ва 8 январга ўтар кечаси ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушади.
Шамол 3-8 м/с тезликда эсади, 7 январда 10-12 м/с гача кучайиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати 6 январда кундузи +8...+10 даражагача, 7 январда кечаси +1...+3 даражагача, кундузи +6...+8 даражагача, 8 январда кечаси ва кундузи -1...+1 даражагача, 9 январда кечаси -5...-3 даражагача, кундузи +2...+4 даражагача, 10 январда кечаси -5...-3 даража совуқ, кундузи 5-7 даража илиқ бўлади.