Кеча Сирдарёда номаълум эркак онлайн қимор ўйинини ўйнаб катта миқдорда пул маблағларини ютқазиб қўйгани учун ўзини осгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов UzNews.uzʼга маълумот берди.
Аниқланишича, 2024 йилнинг 28 декабрь куни 1995 йилда Сардоба туманида туғилган С.С. соат тахминан 13:30 атрофида ўзининг яшашхонасидаги омборхона шифти қисмига ёғоч тўсинчага бўйин соҳасидан арқан билан ўзини-ўзи осиб, ўз жонига қасд қилган.
Ҳодиса жойига туман прокурори Р. Норбўев, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари С. Сабиров, туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи иштирокида туман прокуратураси терговчиси О. Ғойибназаров томонидан кўздан кечирилиб, процессуал тартибда баённома расмийлаштирилган.
Судга оид тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳум С.С.да ўтказилган ташқи кўрик жараёнида унинг танасида бўйин соҳасидаги стргуляцион издан бошқа тан жароҳати аниқланмаган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сардоба тумани бўлимига хизмат текшируви тайинланган.
Терговга қадар текширув жараёнида марҳум С.С. яшаш манзилида турмуш ўртоғи С.О. ва бир нафар вояга етмаган фарзанди билан бирга истиқомат қилиб келганлиги, оиласи, қариндош ва бошқа танишлари билан ўзаро келишмовчилик ёки жанжал бўлмаганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сардоба туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.