Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамкорлигида жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди ва нефть маҳсулотлари контрабандаси учун мўлжалланган туннель тугатилди. Бу ҳақда Туркистон вилояти прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, бир гуруҳ шахслар томонидан Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида 450 метр узунликдаги туннель аниқланган. Ушбу туннель орқали ҳар куни 5-7 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари контрабанда йўли билан олиб чиқилган. Ноқонуний фаолият қарийб икки ой давом этган.
Жиноий гуруҳнинг барча аъзолари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам махсус чоралар натижасида аниқланган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан давлат чегарасининг чегараолди ҳудудида ҳам худди шундай тадбирлар ўтказилди.
"Бундан ташқари, экспорт қилинган ёқилғи учун қўшни давлатдан пул маблағларини ўтказиш схемаси ўрнатилган. Қозоғистон ҳудудида ҳам, Ўзбекистон ҳудудида ҳам трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди," дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.