Олий Мажлис палаталари кенгашлари пайшанба куни ўтказилган қўшма мажлисда 2022 йил июль ойида Нукус шаҳрида содир бўлган воқеа ва фактларни ўрганиш бўйича комиссия ҳисоботини эшитди.
Комиссия Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида тузилган бўлиб, 14 нафар депутат, сенатор, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат эди.
Комиссия Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг сабаблари, хронологияси ва оқибатларини, шунингдек, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг оммавий тартибсизликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатларини баҳолади. Шунингдек, воқеа иштирокчилари ишлари бўйича суд мажлислари ҳам кузатувга олинган, натижада комиссия илтимосномасига кўра, 30 нафар айбланувчи суд залидан озод қилинган.
Шунингдек, айбланувчилар сақланаётган тергов ҳибсхоналари мониторинги ўтказилди ҳамда ушбу воқеалардан кейин минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар кузатилди.
Қайд этилганидек, комиссия фаолияти давомида фуқароларнинг 600 дан ортиқ мурожаати ижобий ҳал этилди. 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларига ташрифлар давомида 590 нафар ходим ва 334 нафар собиқ маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказилди. Комиссия илтимосига кўра, жиноят иши доирасида қамоққа олинган 168 кишидан 107 нафари (шу жумладан, 2 нафар аёл) оилаларига қайтарилди.
Комиссия, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, бошқа халқаро ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилди.
Маълум қилинишича, содир этган ҳуқуқбузарликлари учун 943 киши огоҳлантирилган, 6 135 киши жаримага тортилган, 2639 киши маъмурий қамоққа олинган, 61 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Тартибсизликлардан кўрилган моддий зарарнинг умумий миқдори 6,8 млрд сўмни ташкил этган.
Тартибсизликлар пайтида 21 киши, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими ҳалок бўлди, 413 киши (шундан 183 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари) жароҳат олди.
Халқаро тажрибага мувофиқ тартибсизликлар иштирокчиларини тарқатиб юбориш учун махсус воситалар, яъни сув идишлари, рангли суюқликлар ва кўз ёш оқизувчи газли гранаталар ишлатилган.
"Айбланувчилар, гумон қилинувчилар ва судланувчиларнинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатлик ёрдами, тиббий хизмат кўрсатиш ва суд қарорлари устидан шикоят қилиш имконияти тўлиқ таъминланди. Барча суд жараёнлари очиқ ва ошкора ўтказилди. Тартибсизликларни бартараф этиш жараёнида инсон ҳуқуқларини бузгани учун 3 нафар ички ишлар ходими жиноий жавобгарликка тортилди," - дейилади хабарда.
Келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун комиссия Ўзбекистон давлат органлари учун бир қатор тавсиялар берди. Хусусан:
- жамоатчилик муҳокамаси босқичида давлат ва жамиятга дахлдор муҳим қарорлардан фуқароларни тўлиқ хабардор қилишни ташкил этиш;
- муҳим қарорларни тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида дезинформацияга тезкор муносабат билдириш тизимини ишлаб чиқиш;
- фуқароларга ўз ижтимоий фаоллигини амалга оширишда жамоат тартибига риоя этиш муҳимлигини тушунтириш;
- одамлар гавжум жойларда жамоат хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш учун профилактика чораларини кўриш;
- етакчи хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида тартибсизликларни бартараф этиш учун махсус воситаларни қўллаш бўйича норматив ҳужжатларни мунтазам такомиллаштириб бориш.
Ҳисоботни муҳокама қилиш якунлари бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг тегишли қарори қабул қилинди.