Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Термиз туманидаги корхоналардан бирида салкам 750 минг қути сигаретлар махсус ускуналарда майдалаб, парчалаш йўли билан йўқ қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Йўқ қилинган 749 900 қути сигаретлар муқаддам вилоят божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бир гуруҳ фуқаролар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига божхона чегараси орқали ноқонуний равишда олиб кирилаётган вақтда аниқланган эди.
Қиймати 10,2 млрд сўмни ташкил қилувчи мазкур сигаретлар хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, республика ҳудудига олиб кирилган вақтда аллақачон уларнинг яроқлилик муддати ҳам ўтиб кетган бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг ҳукми билан мазкур ҳолатда айбдор деб топилган шахс 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган сигаретларнинг йўқ қилиниши белгиланди.
Маълумот ўрнида, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2023-2024 йиллар давомида аниқланган 117 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 55,5 млрд сўмлик 3,2 млн қути тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилди.