Жорий йилнинг 19 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Эндрю Грей билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва янги механизмларни амалиётга жорий этиш мақсадида 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ва янги ишга жойлашиш механизмлари жорий этилгани, таълим дастурлари, имтиёзли кредитлаш ва Ватанга қайтган мигрантларни қўллаб-қувватлаш тизимлари ташкил этилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон меҳнат миграцияси бозорларини диверсификация қилиш, анъанавий йўналишларга боғлиқликни камайтириш ва мигрантларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашни кучайтириш борасида фикр алмашилди.
Учрашув давомида томонлар миграция бошқарувини такомиллаштириш, хавфсиз ва тартибга солинадиган миграция жараёнларини таъминлаш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий чораларни кўриш юзасидан янада фаол иш олиб боришдан манфаатдорлигини билдирди.