Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида "Космик фаолият тўғрисида"ги қонун маъқулланди.
Қонун космик фаолиятнинг асосий тушунчалари ва тамойилларини, уни амалга ошириш мақсадларини, космик фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини назарда тутади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва унга қарашли Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши натижасида космик фаолият соҳаси тартибга солинади, масъул органлар, уларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланади, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олишда космик фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилади.
"Бу бизга мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, ер муносабатлари, геология, сейсмик хавфсизлик, транспорт, қишлоқ, ўрмон, сув ва йўл хўжалиги соҳаларида фаолиятимизни муваффақиятли амалга ошириш имконини беради," - дея таъкидлашди сенаторлар.
Хусусан, қонун билан космик фазони илмий тадқиқ этиш, космик тизимларнинг турлари, яъни Ерни масофадан зондлаш, космик мониторинг, космик алоқа тизими, юқори аниқликдаги сунъий йўлдош навигацияси тизими ва бошқа масалалар назарда тутилмоқда. Ҳужжат космик объектларни маркировкалаш ва ижарага бериш, космик объектлар ва техник воситаларни утилизация қилиш, космик инфратузилма ва фаолият хавфсизлиги, фаолиятни молиялаштириш асослари ва халқаро ҳамкорлик масалаларини белгилайди.
Қонунда илмий, ижтимоий-иқтисодий, экологик, мудофаа, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги мақсадларга эришиш, шунингдек, космик фаолиятнинг атроф-муҳитга, табиий ресурсларга ва аҳоли соғлиғига таъсирини назорат қилиш учун космик технологиялар ёрдамида космик макон ва Ерни тадқиқ этиш ва улардан фойдаланиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.