Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “Умра” сафарига юбориш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилган,
Унга кўра, Марғилон шаҳрида яшовчи М.А. ваколати бўлмаса-да, Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 5 нафар фуқарони “Умра” зиёратига юборишини айтиб, хизмати эвазига 5700 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Учкўприк туманида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари О.М. 2 нафар фуқарони “Умра” зиёратига юбориш эвазига 2500 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган,
Қўқон шаҳрида кузатилган ҳолатда, маҳаллий туристик фирма иш юритувчиси А.Ж. 2 нафар фуқарони алдаб, уларни “Умра” зиёратига юбориш эвазига 2400 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида жойлашган "Atlas Avia Tour" туристик фирмасининг 2002 йилда туғилган ходими тегишли лицензияга эга бўлмасдан Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, бошқа фуқародан 3600 АҚШ доллари олаётган вақтда ушланган.
Ҳозирда юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.