Тошкентда пул сабабли жанжаллашиб, 28 ёшли эркакни ўлдирган йигитга жазо тайинланди. Бу ҳақда "Миллар" информацион дастурида маълум қилинди.
Суд ҳужжатларига кўра, марҳум ва судланувчи консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаган. Улар орасидаги зиддиятга пул сабаб бўлган. Йигирма икки ёшли судланувчи маҳсулотлар учун буюртма олиш билан, йигирма саккиз ёшли марҳум эса дўконларга берилган маҳсулотларнинг пулини йиғиш билан шуғулланган. Судланувчи марҳумга билдирмасдан дўконлардан маҳсулотларнинг пулларини олиб, корхонага топширмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида мазкур ҳолат бўйича суд иши кўриб чиқилди.
"Ҳолатнинг биринчи келиб чиқиши фирма сабаб бўлган. Фирма қарзларини улар сўраб келганларида, уйда акам билан тушунмовчилик келиб чиққан ва акам билан уришган.
Бир кун аввал акамни уришгани сабабли у яна келганида бир марта пичоқ урдим. Қилган ишим учун ҳамма яқинларидан кечирим сўрайман", - дейди судланувчи.
Марҳумнинг онаси судланувчига оғирроқ жазо тайинланишини сўради.
Суд ҳукми билан судланувчига Жиноят кодекси 97-моддаси, 2-қисмининг “и” банди, 168-моддани 3-қисми “в” банди ва 112-моддаси 1-қисми назарида жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Унга шу моддалар билан ўн олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниш жазоси тайинланди.