Бугун, 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэл Гросси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва амалий шерикликнинг янги йўналишларини илгари суриш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳозирда миллий тузилмаларнинг ҳуқуқий базаси ва салоҳиятини такомиллаштириш, ядро фани, тиббиётини ривожлантириш бўйича ва бошқа йўналишларда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
5 декабрь куни Самарқанд шаҳрида соҳадаги етакчи хорижий экспертлар иштирокида бўлиб ўтадиган Атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция биргаликда ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилди.
Миллий агентликларнинг компетенциялари ва салоҳиятини ошириш, ХАЭА дастурлари доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ядро энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, сувдан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Учрашув якунида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қўшма "йўл харитаси"ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.