Бугун, 26 ноябрь куни ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Люстиг билан учрашди.
Ўзбекистон томони раввин Цви Коганнинг вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди.
"Ўзбекистон халқи ҳар доим барча динлар ва келиб чиқиш вакилларига дўстона муносабатда бўлган. Биз ҳеч қачон миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва тоқат қилмаймиз ҳам. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ," - дея таъкидлади ТИВ.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати текширувлар ўтказишда БАА ва Исроил расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларида "Хобод" ҳаракатининг раввини, Молдова фуқароси Сви Коган ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эдик. Унинг қотиллигида ҳозирда қамоқда сақланаётган уч нафар Ўзбекистон фуқароси гумон қилинмоқда.