Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарёда 2008 йилда туғилган қизнинг 2 нафар фарзанди бор” сарлавҳаси остида видео тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўрганди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 21 ноябрь куни блогерлик билан шуғулланувчи А.Ш. (эркак), Ж.Н. (2003 йилда туғилган эркак) ва С.Р. (2005 йилда туғилган аёл) лар ўзаро келишган ҳолда С.Р. ва Ж.Н.лар гўёки ўзларини 15 ва 17 ёшдаги вояга етмаган ота-она деб кўрсатиб видеороликда иштирок этишган, А.Ш. эса видео давомида эрта никоҳ ҳолатини ижобий шарҳлаб, ҳақиқатга зид вазият акс этган мазкур видеони ўз Instagram саҳифасига жойлаган.
Болалар омбудсмани сўровига кўра, эрта никоҳни тарғиб қилиш мазмунидаги мазкур ҳолат бўйича блогер А.Ш. нинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида иш ҳужжатлари туман ИИБ томонидан жорий йил 25 ноябрь куни ЖИБ Термиз шаҳар судига юборилган.
"Суд томонидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, А.Ш.га нисбатан МЖтКнинг 202-2 моддаси 1 қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан БҲМнинг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ж.Н. ва А.Ш. лар эса бундай номақбул ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилдилар", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб, эркаклар ва аёллар учун ягона никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган.