Шаҳар ҳокимлигининг ёзишича, метеорологлар ва ҳаво сифати датчикларини етказиб берувчилар туман томчиларини сенсорлар чанг микрозаррачалари сифатида қабул қилиши мумкинлигини анча олдин пайқашган. Натижада, туман пайтида ҳаво сифати индекси ифлосланишнинг юқори кўрсаткичларини намойиш этиши мумкин.
Ушбу ҳодисанинг тўлиқ механизми ҳали тўлиқ тушунилмаган, чунки сенсорларнинг кўрсаткичларига бир нечта омиллар таъсир қилади. Улар орасида шамолнинг йўқлиги, сув томчиларида микрозаррачаларнинг адсорбцияси, шунингдек, туманли муҳитда сенсорларнинг лазер нури қайтиши, синиши ва интерференцияси мавжуд.
Бироқ, бу туманда ҳаво ифлосланиши йўқ дегани эмас. Шунчаки, сенсорлар микрозарралар концентрацияси даражасини ошириб кўрсатиши мумкин, бу эса ҳар доим ҳам ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди.
Маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш учун Тошкентдаги ҳаво сифатини кузатиш хизмати (air.tashkent.uz) фойдаланувчиларни туман шароитида ифлосланиш индекси нотўғри кўрсатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Бу огоҳлантириш фақат туман зонасига тушган сенсорлар учун чиқарилади.
Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти мутахассислари сенсорлар кўрсаткичлари асосида туман мавжудлигини аниқлаш имконини берувчи алгоритм ишлаб чиқишган. Бунинг учун турли омилларни ҳисобга олган ҳолда шудринг нуқтасининг ҳарорати ҳисобланади. Шудринг нуқтаси ва жорий ҳарорат ўртасидаги фарқ 2 даражадан кам ва ҳаво намлиги 90% дан юқори бўлганда, сенсор атрофида туман борлигини ишонч билан айтиш мумкин.
Бир нечта сенсорлардан олинган маълумотларни таққослаш орқали туман зоналарини аниқ белгилаш ва унинг шаҳар бўйлаб ҳаракатини кузатиш мумкин.
Туман аниқланганда хизматда қуйидаги хабар пайдо бўлади:
Ҳозирги вақтда шаҳар харитасида 10 та сенсордан олинган маълумотлар, жумладан, ҳаво сифати индекси (зарарлилик даражасининг рангли шкаласи билан), ҳарорат, PM2.5 микрозарралари концентрацияси, намлик, босим, шамолнинг йўналиши ва кучи, шунингдек, ёғингарчилик миқдори акс эттирилмоқда.