Жорий йилнинг 18 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судида ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "а,в" бандлари билан айбланувчи Ш.Д.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси юзасидан тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилди.
Аниқланишича, дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, Ш.Д. жорий йилнинг 8 ноябрь куни соат 16:00 атрофида Иштихон тумани "Юғонтепа" маҳалласи "Сарой" қишлоғида яшовчи Ш.Д. ўзида тўсатдан келиб чиққан руҳий ўзгаришлар оқибатида, ўз яшаш уйида вояга етмаган фарзандлари А.А. ҳамда А.Ф.нинг кўкрак қафасига ошхона пичоғи билан кўплаб тан жароҳатлари етказиб, уларни қасддан ўлдирган.
Каттақўрғон туман суд тиббий экспертиза бўлинмасининг дастлабки маълумотига кўра, вояга етмаган А.А. ва А.Ф.ларнинг ўлими, ташқи қон йўқотиш билан кечган, кўкрак қафасининг чап томонидаги санчилиб-тешиб кириб, юракни жароҳатловчи кўплаб яралардан келиб чиққан.
Иштихон туман прокурори айбланувчи Ш.Д. ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "а,в" бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбланганлиги, ушбу қилмиши ўта оғир жиноятлар таснифига киришлиги, озодликка бўлган ҳуқуқини чеклаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа турдаги эҳтиёт чорасини қўллаган тақдирда дастлабки терговдан ва суддан яшириниши эҳтимоли борлигини инобатга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимоснома киритган.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Ш.Д.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва ИИВ ЖИЭД 3-МММ 7-сон тергов ҳибсхонасига жойлаштириш белгиланди.