Бугун, 25 ноябрь куни пойтахтда йўл ёқасида автотранспорт воситаларини пуллик тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун савдо якунланди, дейилади E-auksion платформаси маълумотида.
Аукцион 2 соат 10 дақиқа давом этди, жами 22 та ставка қўйилди. Энг юқори нарх - 120 млрд 151,4 млн сўм таклиф қилган "Балcомуз" МЧЖ ғолиб бўлди. Ушбу таклиф бошланғич нархдан (57,2 млрд сўм) 2,1 баробар юқори бўлди.
"iHamkor" сервисининг маълумотларига кўра, ғолиб компания таъсисчилари Япониянинг "BALCOM COMPANY LTD" компанияси (60%), Авазбек Нуриддинов (20%), Бобур Акрамов ва Анвар Ҳошимов (10 фоиздан) ҳисобланади.
Компания 2020 йил январь ойида рўйхатдан ўтган. Фаолиятнинг асосий тури - ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари.
Компания веб-сайтида айтилишича, у 2019 йилда ташкил этилган ва Япония анъаналари ва бизнес-мантиғини Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиётига интеграция қилишда инновацион кучга айланган. Компания қуйидаги лойиҳаларни амалга оширди: Central Park, Oxygen Development, Balcomsoft IT ва бошқалар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лот Тошкент шаҳрининг барча туманларида 262,8 минг квадрат метр майдонни ижарага беришни назарда тутади. Ижара муддати 36 ой. Шартнома тузилган санадан бошлаб икки йил давомида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш, шу жумладан йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, техник воситалар ва ускуналарни сотиб олиш ва монтаж қилиш, муҳандислик ва коммуникация тармоқларига уланиш учун камида $5 млн сармоя киритиши керак.