Поиск
RUUZ

Общество

Шавкат Мирзиёев "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экди

Давлат раҳбари ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши кераклигини таъкидлади.

125views0replies
21

President.uz

Шавкат Мирзиёев бугун, 23 ноябрь куни "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боққа кўчат экди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси жонланди.
Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари ва чет эллик дипломатлар билан суҳбатлашди, ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.
"Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик.
Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак," - деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирни видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар жамоатчилиги ҳам кузатди. У ерларда ҳам кўчатлар экилди. Ушбу кузги мавсумда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.
Автомобиль ва темир йўллари, дарё ва каналларга туташ ерлар дарахт экиш учун қарийб 10 минг аҳоли ва тадбиркорга ижара шартномаси асосида ажратиб берилди. "Менинг боғим" лойиҳаси доирасида ғолиб деб топилган 215 та лойиҳа бўйича босқичма-босқич экиш ишлари бошланди.
Умуман, охирги 3 йилда мамлакат бўйича жами 646 миллион туп кўчат ва буталар экилган. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошган.
125views0replies
21

Комментарии