Бугун, 22 ноябрь куни ЖИБ Чилонзор туман судида Қобул Дусовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди.
Аниқланишича, собиқ депутат устидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев жабрланувчи сифатида ариза берган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши ЖИБ Чилонзор туман судининг биринчи инстанцияда кўриб чиқилган.
Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook ижтимоий тармоғидаги "Kabul Dusov" номли профилни ва Телеграм мессенжеридаги "Кобул Дусов | РАСМИЙ КАНАЛ" номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблаган.
Суд ҳукмига кўра, Қобул Дусов ЖКнинг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
"Шунингдек, ЖКнинг 48-1-моддасига (озодликни чеклаш) асосан, блогерга нисбатан сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши белгиланди",- дейилади хабарда.