Меҳнат кодексини амалга оширишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори эълон қилинди. Қарорга мувофиқ, қариндошларнинг бирга ишлашларини чеклаш тўғрисидаги қоидалардан истисноларга йўл қўйилиши мумкин бўлган давлат ташкилотлари ходимларининг рўйхати тасдиқланди.
Унга кўра:
1. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг ходимлари.
2. Қишлоқ жойлардаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва қишлоқ хўжалиги бўйича илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари.
3. Темир йўл транспортининг линия ташкилотлари, йўл, қурилиш-монтаж ва темир йўлларнинг ихтисослаштирилган трестларининг қурилиш-монтаж ва кўприксозлик поездлари, механизациялашган колонналари ва бошқа ҳаракатланувчи тузилмаларнинг ходимлари, ушбу корхона ва ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
4. Алоқадан фойдаланиш ташкилотлари ходимлари.
5. Соғлиқни сақлаш, даволаш-профилактика ва санитария-эпидемиология ташкилотларининг шифокорлари.
6. Барча таълим ташкилотларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар.
7. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ меҳнат шартномаси тузилмайдиган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари.
8. Театрлар, бадиий жамоалар ва студияларнинг ижодий ходимлари.
9. Архивлар ходимлари, илмий муассасалар ходимлари, муассасаларнинг бош бухгалтерлари, бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари, шунингдек, сейсмик станциялар ходимлари.
10. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги тармоқ ташкилотларининг ходимлари.
11. Дала геология (экспедициялари, участкалари ва бошқа) ташкилотлари ходимлари.
12. Қишлоқ жойларда ишлайдиган ўрмон ва сув хўжалиги мутахассислари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари, тиббиёт ходимлари, маданий-маърифий ташкилотлар ходимлари.
13. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланадиган йўл ташкилотларининг ходимлари, ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
14. Қурилиш-монтаж ва кўприксозлик қуриш поездлари, механизациялашган колонналар ва бошқа кўчма махсус қурилиш тузилмаларининг ходимлари, ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
15. Дарё флоти кемаларининг сузувчи таркиби ходимлари ва дарё транспортидан фойдаланиш ташкилотлари ходимлари, бу ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
16. Магистраль қувурлар ўтказиш ҳамда нефть ва газ конларини тартибга келтирувчи қурилиш, қурилиш-монтаж ва бошқа ихтисослаштирилган бошқарма ва участкаларнинг ходимлари, ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.
17. Ҳавза ва кўллардаги балиқчилик ташкилотлари ходимлари, ушбу ташкилотларнинг бош бухгалтерлари, омборхона мудирлари (омборчилари) ва кассирларидан ташқари.