Аввалроқ, "Маънавият экспертизасидан ўтказиш тартиби тўгрисида"ги низом тасдиқлангани ва кино, сериал ҳамда қўшиқлар “экспертиза”дан ўтказилиши ҳақида хабар қилган эдик.
Мазкур лойиҳа жамоатчилик вакиллари томонидан турлича қарашлар билан талқин қилинаётганлиги сабаб, Республика Маънавият ва маърифат маркази Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, лойиҳа болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ва ўсиб келаётган авлоднинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган медиамаҳсулотлар тарқатилишини олдини олишга қаратилмоқда.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳа медиаконтентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуслари асосида жорий қилинмоқда.
"Маънавият экспертизаси" лойиҳаси медиа маҳсулотларга цензура қўймайди. Экспертларнинг фаолияти медиа контент ишлаб чиқувчилар, ижодий гуруҳлар ва бадиий кенгашлар учун тавсиявий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
Бунда ОАВ, журналистлар, ижодкорлар, блогерларнинг ижод эркинлигига дахл қилинмайди.