Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда маълум қилинишича, 550 км канал ва ариқлар бетонлангани эвазига 200 минг гектарда сув яхшиланиб, йилига 450 млн куб метр сув иқтисод бўлаяпти.
Бироқ давлат раҳбари ҳали долзарб масалалар кўплиги таъкидлади. Масалан, кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу 2-3 баробар қиммат.
Охирги йилларда 1 млрд доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилинди.
Жойларда ҳали бетонлаш зарур бўлган 18 минг километр магистраль ва 94 минг километр ички каналлар бор. Шу боис келгуси йилда бу ишларга 800 млрд сўм ажратилиши қайд этилди.
Ўтган йили техника, ишчи кучи ва қум-шағалдан ёрдам бўлгани учун бетонлаш харажати 2 карра арзонлашган. Пудратчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида цемент етказиб бериш орқали таннархни яна 20 фоизга пасайтириш мумкинлиги айтилди.
Яна бир жиҳати – бетонланган каналларда сув оқими тезлашади.
Бу – кичик ГЕСлар қуриб, электр олишга катта имконият. Навоий вилоятида 11 мегаваттли 148 та шундай станция қуриш бошланган. Умуман, ҳудудларда 2 мингта микро ГЕС қуриб, йилига қўшимча 600 миллион киловатт электр олиш мумкин.
Мутасаддиларга бу борада хусусий шериклик шартларини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.
Давлат раҳбари соҳадаги яхши тажрибаларни кўрсатиб ўтди. Жиззах вилояти Дўстлик туманида сув бошқарувини ақлли тизимга ўтказиш бўйича 21 миллион долларлик лойиҳа якунланган. Сув тақсимланадиган 2 мингта нуқтага ҳисоблагич ва видеокамера ўрнатилган. Бунда автоматлашган бошқарув натижасида 20 фоиз, суғориш тармоқларини таъмирлаш ҳисобига яна 10 фоиз сув тежалади. Сув бошқаруви хусусий секторга берилиб, фермерлар билан кооперация тузилади. Илк бор сувга олдиндан тўлов бўлади.
Вилоят ҳокимларига ушбу тизимни ўрганиб, сув таъминоти оғир туманларда жорий этиш вазифаси қўйилди.
Шу боис 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлиши белгиланди. Хусусий шерик билан тежамкор насос ва қуёш панели ўрнатиб, 20 фоиз электр тежаш мумкин.
Мутасаддиларга ушбу тажрибани кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Республика бўйича 2 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани натижасида ўтган йилнинг ўзида 2 миллиард куб метр сув тежалган. Лекин айрим далаларда ўрнатилган ускуналар ишламаяпти.
Энди бу қатъий назоратга олинади. Келгуси йилда яна 500 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатилади. Қорақалпоғистонда қўлланган лазерли текисланган ернинг ҳар гектарига 1 миллион сўмдан субсидия бериш тизими энди Хоразмда ҳам бўлади. Бошқа ҳудудларда ҳам лазерли текислаш кенгайтирилади.
Шавкат Мирзиёев сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли рақамлаштириш эканини таъкидлади.