2024 йил 4 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида Россия-Украина ўртасидаги тўқнашувда Россия томонидан иштирок этган Ўзбекистон фуқаросига жазо тайинланди. Бу ҳақда Олий суд порталида маълумот келтирилган.
Аниқланишича, Қўштепа туманида яшовчи 51 ёшли А.Х. 2023 йил май ойида Россияга ёлланма ишчи сифатида ишлаш мақсадида борган.
Аммо, у Россияда бўлиши давомида 2023 йилнинг ноябрь ойида моддий манфаат кўзлаб «Россия-Украина» урушида Россия тарафини олиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этиш бўйича жиноий режа тузган.
Мазкур режа асосан А.Х. 2023 йил 24 ноябрь куни моддий манфаат эвазига Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йил давомида Россия Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида шартнома имзолаб, «Россия-Украина» урушида Россия тарафини олиб, Украинада олиб борилаётган жанговар ҳаракатларда иштирок этишга розилик билдирган.
Шундан сўнг, Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кузатуви остида «Россия-Финландия» чегараси яқинида жойлашган «Каминка» номли ҳарбий қисмга, ўзига олдиндан таниш бўлмаган 80 нафар шахслар билан бирга жойлаштирилган. У бир неча ой давомида ҳарбий хизматни ўтаган.
2024 йил 4 февраль куни Россия Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан ўзига олдиндан таниш бўлмаган 79 нафар шахслар билан бирга махсус кузатув остида (сопроваждения), чегарани ёриб ўтиш йўли билан Украина ҳудудига ўтиб, Луганс Халқ Республикаси ҳудудида олиб борилаётган жанговар ҳаракатларга жалб этилган.
Жанговар ҳаракатлар давомида А.Х. шу куни учувчисиз ҳаракатланувчи дрон орқали келиб тушган снаряд портлаши натижасида бош чап чакка соҳаси, чап қўли, чап елкаси ва ўнг оёқ кафтидан жароҳатланган ва шундан сўнг Москва вилояти Красногорск шаҳридагиҳарбий госпиталга олиб келиниб, бир ой давомида даволанган.
А.Х. 2024 йил 4 июль куни «Санкт-Петербург-Тошкент» йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.
Суд ҳукми билан А.Х. Ўзбекистон ЖКнинг 154-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.