Ижтимоий тармоқларда Деновда бир гуруҳ ИИБ ходимлари томонидан фуқаро олиб кетилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Унда фуқаро “Денов шаҳри начальник милицияни устидан ёзгани учун олиб кетилгани” айтилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.
Ушбу ҳолат бугун, 24 декабрь куни соат тахминан 11:30 да Денов тумани “Мустақиллик” кўчаси, эски “Деҳқон бозори” ёнида содир бўлган.
ИИО ходимлари томонидан мажбурий тартибда олиб кетилаётган Денов шаҳри Ўзбекистон кўчасида яшовчи фуқаро И.А. 2019 йилнинг ноябрь ойида туманнинг “Намуна” маҳалласида жойлашган, фуқаролар А.А ва М.Т.ларга тегишли бўлган, ёнма-ён жойлашган 2 сотихдан жами 4 сотих ер майдонини фуқаро А.А.га ўзига тегишли эканлигини айтиб 45 млн сўмга, ушбу фирибгарлик харакатларини такроран давом эттириб, 2020 йилнинг июнь ойида фуқаро В.Х.га 49 млн сўмга сотган.
Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-кисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан такроран содир этганлиги юзасидан, унга нисбатан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб тергов харакатлари олиб борилган.
Гумон қилинувчи И.А. бир неча марта терговга чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бош тортганлиги сабабли, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошкармаси катта терговчиси Х.Х.нинг 2020 йил 24 декабрь кунидаги “Мажбурий келтириш” қарорига асосан Денов тумани ИИБ ходимлари томонидан гумонланувчи И.А. мажбурий тартибда олиб келиниши таъминланган.
Мазкур жиноят иши юзасидан ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.