2024 октябрь ойининг 31 куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида метрода бегона қизга тегажоғлик қилган эркакка жазо тайинланди. Бу ҳақда Олий суд порталида маълумот келтирилган.
Аниқланишича, 2024 йил 30 октябрь куни соат 16:00 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган метрополитеннинг “Новза” бекати йўналишидаги электропоезд вагони ичида ўзига нотаниш бўлган вояга етмаган қизнинг белидан паст қисмини қўли билан бир неча маротаба ушлаб, шаҳвоний шилқимлик қилганлиги аниқланган.
Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар ўзининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги айбига иқрорлигини, ҳақиқатдан ҳам 2024 йил 30 октябрь куни соат 16:00 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган метрополитеннинг “Новза” бекати йўналишидаги электропоезд вагони ичида ўзига нотаниш бўлган вояга етмаган М.С.нинг белидан паст қисмини қўли билан ушлаганлигини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини, бундан кейин бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд қарори билан эркак МЖтК 411-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган ва унга нисбатан 4 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.