Ғиждувон тумани “Қорахони” қишлоғида яшовчи 42 ёшли фуқаро, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган Г.С. (қиз) иккаласи ўртасидаги сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни оммага, айниқса унинг оила аъзоларига ошкор қилиш билан қўрқитаётгани бўйича туман ИИО ФМБга мурожаат қилади. Бу ҳақда вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Мурожаатда Г.С. бир қанча вақтдан буён пул ва бошқа моддий бойликлар талаб қилиб олиб келгани, ҳозирги кунда ҳам 3,5 миллион сўм беришни талаб қилаётгани айтилган.
Ғиждувон тумани ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, 2020 йил 16 декабрь куни туманнинг “Памўза” маҳалласидаги “Бек” ресторани яқинида жабрланувчидан талаб қилинган 3,5 млн сўм пуллардан кимёвий ишлов берилган 3 млн сўм пулларни товламачилик йўли билан олаётган вақтда ашёвий далилар билан қўлга олинди.
Аниқланишича, Г.С. 2019 йилнинг майидан, 2020 йил декабрига қадар бўлган вақтда 1978 йилда туғилган А.Р.нинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини омма ва айниқса унинг оила аъзоларига ошкор қилиш билан қўрқитиб, мол-мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, бўлиб-бўлиб жами 71 млн сўм пулларини қўлга киритган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Г.С.га нисбатан ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.