Жорий йилнинг 20 октябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бир гуруҳ шахслар автомашинада гуруҳ бўлиб ҳаракатлангани акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати маълумот берди.
Гуруҳ бўлиб ҳаракатланган автомашиналарда бўлган йўловчилар автомобиль ойнасидан тана қисмини чиқариб, ўзларининг ҳаётини хавф остига қўйишган. Ушбу воқеалардан сўнг Тошкент вилояти ИИБ ЙХХБ ходимлари томонидан тезкорлик билан суриштирув ишлари амалга оширилиб 5 та автомашина Тошкент вилоятида, битта транспорт воситаси эса Қашқадарё вилояти ҳудудида аниқланиб, ҳайдовчиларнинг барчасига маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.
Шундан сўнг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилди. Ушбу видео тасвирлардаги қолган фуқаролар аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди.
Олиб борилган суриштирувлар жараёнида иштирокчиларнинг шахсларига ойдинлик киритилиб, ҳолат юзасидан бир неча ҳужжатлар тўпланди. Ушбу тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судига жўнатилди.
Суд қарорига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳуқуқбузарлик содир этган 10 нафар шахсларга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бир нафар фуқарога эса фарзанди борлиги сабабли жарима жазоси қўлланилди.