Бугун, 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларига сайлов ўтказилмоқда.
Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан биргаликда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз беришда иштирок этди.
Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилмоқда. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.
Сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш мақсадида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.
Давлат раҳбари сайлов участкасига келган одамлар билан суҳбатлашди. Ўз юрти ва яшаётган ҳудуди тақдирига дахлдорлигини ҳис қилиб, сайловларда фаол қатнашаётган фуқароларга миннатдорлик билдирди.