Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Тошкентда велосипед ҳайдаб кетаётган ёш ўсмирни поезд уриб кетгани акс этган видео тарқалди. Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 23 октябрь куни соат 17:52 да Нурхаёт-Салар” темир йўл бекатлари оралиғида содир бўлган. Шу куни машинист йўловчи поездини бошқариб кетаётган вақтида велосипед миниб темир йўлдан ўтаётган 2009 йилда туғилган ўсмирни уриб кетган.
Қашқадарёлик бўлган ўсмир воқеа натижасида тан жароҳати олиб тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 7-сон шаҳар клиник шифохонага жойлаштирилган. 2024 йил 24 октябрь куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказининг “Болалар бўлими”га ўтказилган.
Маълумотга кўра, ўсмир йигит Қамаши тумани Аграр касб-ҳунар коллежининг 1-курс талабаси бўлган. У онаси билан Қибрай туманига тўй маросими учун меҳмонга келган.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода бола овқат етказувчи курьер сифатида ишлаётганини кўриш мумкин. Аммо, бу ҳақда расмий маълумот берилмади.