Аввалроқ, Шавкат Мирзиёевнинг Россияга жўнат кетгани ва "БРИКС плюс" форматидаги саммитда иштирок этаётгани ҳақида хабар қилган эдик.
Давлат раҳбари ушбу саммитда нутқ сўзлаб, Ўзбекистон ушбу тузилманинг Ёшлар саммити ва Спорт ўйинларида, юридик ва парламент форумларида, хавфсизлик соҳасидаги юқори даражадаги учрашувда ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этганлигини қайд этди.
"Биз бундан буён ҳам БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини фаол ривожлантириш ниятидамиз. Ушбу бирлашма доирасида очилаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланамиз",- деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Президент БРИКС маконида халқаро терроризм билан боғлиқ хавф ва таҳдидларга қарши курашиш масалалари шерикликнинг устувор йўналиши бўлиб қолаётганини таъкидлади.
"Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди.
Бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир. Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблаймиз.
Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида гапирганда, Афғонистон муаммосини четлаб ўтиш мумкин эмас. Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир",- деди Мирзиёев.