Аввалроқ, Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев "Док-1 Макс" ишида айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар қилган эдик.
Маълум қилинишича, Сардор Кариевнинг фарзандлари яшаб турган уй ҳам хатланган. Натижада бундан норози бўлган Кариевнинг хотини судга шикоят қилди.
Ушбу иш жорий йилнинг 21 октябр куни Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилган.
Таъкидланишича, МИБ "Док-1 Макс"дан жабрланганларга суд томонидан белгиланган салкам 76 миллиард сўмлик товон пулларини ундириш ҳаракатини давом эттирмоқда.
Суд жараёнида МИБ ходими шикоят аризасини рад қилишини сўради.
"Сабаби бизнинг қонунчилигимизда кўрсатилганки, агар ўзининг номида битта уй бўлса, тўғри уни сотиб юборишимиз нотўғри бўлар эди. Ҳозир бу ҳолатда Кариевнинг номида иккита уй бор. Бундан ташқари, мулкий аҳволи ҳам яхши. Ундириш имкони йўқ деб қайтаришга асос ҳам йўқ", - деди МИБ ходими.
Кариевлар оиласининг адвокатларидан бири МИБ ходимининг бу гапига эътироз билдирди.
"Битта уй бўлса сотувга чиқариш мумкин эмас, лекин иккита-учта уй бўлса ҳаммасини олиш керак деганимас-ку?". Кариевнинг ўзи 18 йилга қамалди. Энди вояга етмаган уч нафар боласи ва оиласи кўчада қолиши керакми? Мулкий аҳволи яхши деб, ундирувни хотинига қаратишмоқчими? Марҳамат қамоқда ишлаётган бўлса, олаётган ойлик маошига қаратишсин", - дейди адвокат.
Шунингдек, у Кариевнинг номидаги офисни, вилоятдаги уйини хатлашингиз мумкин. Бунга эътироз йўқлигини қўшимча қилди.
Бироқ, Кариевнинг аёли ва болалари яшаб турган уй хатланиб сотилса, улар кўчада қолиши мумкинлигини таъкидлади.
"Бу иш бўйича 22-23 киши судланган. Ҳозир яна қўшилди. Кариевдан бошқа бирортаси ҳали товон пулини тўламади. Жабрланувчиларга бошқа ҳеч ким ёрдам бергани йўқ", - деди адвокат.
Судда жабрланувчилар ҳам сўз олиб, товон пулига муҳтож эканини, ногирон бўлиб қолган болаларини даволатиш учун айни кунда уларга пул кераклигини таъкидлади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирининг жамоатчиликка айтган гапи ёлғон экани, шу сабаб ота-оналар вазир билан кўришиб, гапига аниқлик киритишни сўрамоқчилигини маълум қилди.
Суд жорий йилнинг 5 ноябрь кунига қадар танаффус эълон қилди.