Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда "B." МЧЖ раҳбари Т.А. ва бошқалар МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказилиб, жами 1,5 млн куб метр. табиий газни ўғирлаб, давлат ва жамият манфаатларига 2,7 млрд сўм зарар етказганликлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Шу каби, Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан "Ўзэнергоинспекция" ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда "M.G." МЧЖ раҳбари С.Р. Пастдарғом туманидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзгартириб, тижорат мақсадида 2,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.