Жорий йилнинг 27 апрель куни соат 02:55 атрофида Сирдарё туманидаги уйларнинг бирида содир бўлган ёнғиндан кейин уч нафар жасад қотиллик аломатлари билан топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Шу йилнинг 4 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида М.Ш.га оид ушбу жиноят иши кўриб чиқилди.
Аниқланишича, судланувчи М.Ш. 2022 йил январь ойидан 2023 йил декабрь ойига қадар Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг мулкини алдаш йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2023 йил февраль ойида фуқаро С.З.ни алдаб, унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаб бериш эвазига 200 АҚШ долларига келишиб, фуқаро З.С.дан жами 100 АҚШ доллари ва 1.100.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, судланувчи М.Ш. қасддан одам ўлдириш мақсадида, 2024 йил 26 апрель куни соат 23:00 атрофида таниши жабрланувчи Э.К.нинг (аёл) Сирдарё тумани "Зиёкор" МФЙдаги яшаш уйига бориб, Э.К.нинг рухсати билан деразадан унинг ётоқхонасига кирган ва ётоқхонасида у билан жинсий алоқа қилиб, кейин ўзаро суҳбат давомида жабрланувчи Э.К. судланувчининг отаси ва қизини ҳақорат қилганлиги туфайли юзага келган келишмовчилик сабабли М.Ш. хонадаги стул устида турган аёллар тирноғини текислайдиган ўткир тиғли "пилка"ни олиб, жабрланувчи Э.К.нинг бўйин, жағ ва пешона соҳаларига бир неча маротаба уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, судланувчи М.Ш. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран қасддан одам ўлдириш мақсадида, уйдаги шовқин овозини эшитиб ётоқхонага кириб келган жабрланувчи Э.К.нинг фарзанди вояга етмаган жабрланувчи Х.А.ни физиологик, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ўзини ҳимоя қилишга ёки фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслигини била туриб, уни хонадаги диванга ётқизиб, ўша хонадаги ёстиқ билан унинг юзини ҳамда қорин соҳасидан оёқлари билан бир неча дақиқа зарб билан босиб, ожиз аҳволдаги жабрланувчи Х.А.ни қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, судланувчи М.Ш. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран қасддан одам ўлдириш мақсадида, кейинги хонага кириб, жабрланувчи Н.К. (аёл) унинг ушбу жиноий ҳаракатларини содир этилишини билиши мумкинлигини ўйлаб, уни кексалиги ва ушбу хонада ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзини ҳимоя қилишга ва фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслигини била туриб, жабрланувчи Н.К.нинг юзини ўша ердаги ёстиқ билан бир неча дақиқа зарб билан босиб, уни ҳам қасддан ўлдирган.
Шунингдек, судланувчи М.Ш. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жабрланувчи Э.К., Х.А. ва Н.К.ларни қасддан ўлдиргандан сўнг, марҳум жабрланувчи Э.К. ва Х.А, ётган хонадан стол устида турган "Redmi-12" русумли телефон аппаратини яширин равишда қўлга киритиб, жиноят изларини яшириш ҳамда ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш мақсадида мурдалар ётган уйларни ёқиб, атрофдагилар учун хавфли усулда яшаш хонадонига 7 000 000 сўмлик зарар етказган.
Суд ҳукмига кўра, Судланувчи М.Ш. ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмининг "в" банди, 97-моддаси 2-қисмининг "в,р" бандлари, 169-моддасининг 1-қисми ва 173-моддаси 2-қисмининг "б" бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
Судланувчи М.Ш.га ЖКнинг 97-моддаси 2-қисмининг "в,р" бандлари билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони махсус тартибли колонияда ўташ белгиланди.