Маълум қилинишича, Тошкентдаги университетлардан бирида талаба бўлган 21 ёшли йигит мўмай даромад орттириш мақсадида ижтимоий тармоқларга инсон аъзоларини сотиб олиши ҳақида эълон жойлаштирган. У тарқатган эълонларида буйракни 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини маълум қилган.
Ушбу эълондан сўнг унга аъзоларини сотмоқчи бўлганлар алоқага чиқа бошлаган.
Талаба йигит у фуқароларга шериклари Германияда эканлиги, буйракни кўчириб ўтказиш ўша ерда амалга оширилишини, эвазига Германияга бориши кераклигини айтган. Бундан ташқари, сафар учун олдиндан 350 доллар беришини сўраган.
Тезкор тадбир давомида у фуқародан келишилган пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Шайхонтоҳур туман судида кўриб чиқилди.
Суд мажлисида талаба йигит бу ишни пулга муҳтож бўлиб қолгани сабаб қилганини, аслида Германияда ҳеч қандай танишлари йўқлигини, 350 долларни эҳтиёжига ишлатиб, кейин қайтариб бермоқчи бўлганини билдирган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи ЖКнинг 25, 133-1-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.