Жорий йилнинг 18 март куни Бухоро вилояти Когон туманида 1991 йилда туғилган О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи М.М. бошқарувида бўлган юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва ушбу ЙТҲда бир нафар автобус йўловчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этгани ҳамда 25 нафар йўловчиларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Олий суд Матбуот хизматининг хабар беришича, Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Когон туман судида автобус ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Унга кўра, судланувчи О.Ш. ЖКнинг 266-моддасининг (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.
Унга шу модда билан 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.