Маданий мерос агентлиги хабарига кўра, Наманган вилоятининг Ахсикент археология ёдгорлигида олиб борилаётган изланишлар давомида археологлар кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келдишган.
Ер туби томон 4 метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун аркаларига дуч келинган. Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг 12 поғонаси ҳам очилган. Айнан шу нуқтадан 7 метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келишган.
Тахминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак дастлабки топилган катта йўлга боғланади. Қизиқарли томони барча йўлаклар бутун, аркасимон ҳолда метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан қурилган. Ҳозирда итальянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан 2024 йилги қазув ишлари давомида топилган.
Ҳозирда ёдгорликни музейлаштирилаётган қисмлар қуйидагилардан иборат:
1. XVIII қазув объекти – Х-XII асрларда фаолият юритган ерости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг XIII асрнинг бошларига оид хоразмшохлар даврида қурилган мудофаа девори ва тураржой қолдиқлари;
2. XI қазув объекти – XI-XII асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли тураржой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар мавжуд;
3. XIX қазув объекти – шаҳарнинг эрамиздан аввалги III-I асрларда қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли;
4. XXIV қазув объекти – XI-XII асрларга оид маҳобатли тураржой қолдиқлари аниқланган.
Маълумотларга кўра, тез орада мажмуанинг 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида “National Geographic” ҳужжатли фильм суратга олади.