Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “A.Ph.” хусусий корхонаси масъул шахслари ва бошқалар Юнусобод тумани 15-мавзесидаги манзилида жойлашган нотурар бинода умумий баҳоси 2,2 млрд сўмлик яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини ўтказиш мақсадида сақлаб келаётганликлари аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.