Миллион жамоаси асосчиси Даврон Кабулов Яккасарой прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилгани ва суд ҳукмига кўра 1 йил синов муддати берилгани ҳамда шу бир йил ичида Ўзбекистондан четга чиқа олмаслиги ҳақида ОАВга берган интервьюсида маълум қилди.
Даврон Кабуловнинг ушбу интервьюсидан сўнг Бош прокуратура Матбуот хизмати маълумот берди.
Унга кўра, 2023 йил декабрь ойида ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган назорат тадбирида Равшан Кабулов раҳбарлик қилаётган Яккасарой туманида жойлашган меҳмонхонанинг 4 та иситиш қозонини 2022 йил 24 февралдан 2023 йил 18 октябрга қадар бўлган вақт оралиғида, умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб олиб, туман газ таъминоти идораси билан шартнома тузмай, газ ҳисоблагични газ идорасидан рўйхатдан ўтказмасдан, алоҳида ҳисоб-рақам очмасдан, газ ҳисоблагичга ўрнатилган тамғани газдан ноқонуний фойдаланиш мақсадида ташқи таъсир аралашувида узишга эришиб, жами 907.558 куб метр миқдоридаги 344 млн 872 минг сўмлик табиий газдан яширин равишда фойдаланиб келиб, жуда кўп миқдордаги табиий газни яширин равишда талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Яккасарой туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2023 йил 22 декабрь куни Р.Кабуловга ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилинган ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2024 йил 27 март кунги ҳукмига кўра, Р.К. ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, шартли равишда 1 йил синов муддати белгиланган.
Жиноят иши доирасида аниқланган 344 млн 872 минг сўмлик моддий зарар “Hududgaz Poytaxt” газ таъминоти филиали фойдасига ундирилган.