Хоразм вилояти Hamkor банк бизнес марказининг том қисмида ёнғин содир бўлганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ФВБ Матбуот хизмати маълумот берди.
Унга кўра, бугун, 25 сентябрь куни соат 11:05 да Хоразм вилояти, Урганч шаҳар, “Навбаҳор” МФЙ, Тинчлик кўчасида жойлашган банкларнинг бирининг биносининг ижарага берилган юқори қисмида ёнғин содир бўлган. Воқеа содир бўлган жойга ёнғин-қутқарувчилар соат 11:10 да етиб бориб, ёнғин соат 11:30 да ўраб олинган ва соат 12:22 да ўчирилган.
Ёнғин натижасида бино том қисмининг таҳминан 30 кв.м майдони ёниб зарарланган. Ёнғинни бартараф этишга 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 1 та автонарвон жалб этилган.
Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.